Ma'naviyat kerak

Бебаҳра кўп кўринади зиёдан
Аломати аён аҳли риёдан
Сабабини сўранг дили сиёдан
Илмсизлик эшик очар иллатга
Маънавият керак мардум-миллатга

Бугун келса эрта кетар давлат бу
Салмоғи йўқ манман деган савлат бу
Ибрат бўлсин авлодларга албат бу
Бўлолмайди сайқал суврат сийратга
Маънавият керак мардум-миллатга

Сўқир кўнгил суймай ўтар дунёдан
Қирон келса куймай ўтар дунёдан
Қилиқларин қўймай ўтар дунёдан
Руҳ келмаса бўлмас бугун мададга
Маънавият керак мардум-миллатга

Йўқчилик чўт эмас ўткинчи қуюн
Маънавий қашшоқлик кор қилса қийин
Қиёмат қиртишлаб қўймайди кейин
Кафолатли қалқон узоқ муддатга
Маънавият керак мардум-миллатга

Заминдай хокисор маъсума аёл
Бўлмаса қанийди паришон хаёл
Гўзаллик тимсоли бир афтодаҳол
Кемтик кўнгил етаклайди кулфатга
Маънавият керак мардум-миллатга

Маънавий дунёси, моддийдунёси
Ор-номус, андиша, шарму ҳаёси
Бағри бутун элнинг борми киёси
Ярашмайди ёлчимаслик элатга
Маънавият керак мардум-миллатга

Маънавий жасорат-буюк жасорат
Руҳий жон озиги қанчалар роҳат
Қилсак қалбимизни кани ислоҳот
Очилади борар йўллар жаннатга
Маънавият керак мардум-миллатга

Соддалигинг қурсин, халқим, соддасан
Соддаликнинг токай жабрин тортасан
Дўст деганинг сотиб турса қайтасан
Тўлиб кетди кўнгил гина-кудуратга
Маънавият керак мардум-миллатга

Синашмасанг сир бермайди қоялар
Таваккални тан олмайди ғоялар
Булут бўлиб солар бир кун соялар
Қолмас бўлса эрта кунинг зулматга
Маънавият керак мардум-миллатга

Онгимиз улғайди, ақлимиз етук
Ирода бақувват, руҳимиз тетик
Кўнглимиз тилаган кунларга етдик
Яна боқий турмоқ учун давлатга
Маънавият керак мардум-миллатга

Категория: SMS XIKMATLI IBRATLI / СМС ХИКМАТЛИ ИБРАТЛИ 2018 | Просмотров: 31 | Добавил: Admin | Теги: Ma'naviyat kerak
«Betakror.Uz» telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Поделиться

АВТОРИЗАЦИЯ НА САЙТЕ